13 Сентябр 2023 йил 1211

Сектор раҳбарлари жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган йиғилиш ўтказди

Йиғилишда вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар прокурорлари, ички ишлар органлари раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, маҳалла раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида республикамиз Президенти томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг вилоятимизда бажарилиши хусусида сўз юритди. Хусусан, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, кримноген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифадаги маҳаллаларни жиноятдан ҳоли маҳаллага айлантириш, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида иш олиб бориш ҳамда профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти натижадорлигини ошириш, профилактика инспекторларининг хизмат шароитини янада яхшилаш масалаларига эътибор қаратди.

Шунингдек, Эргаш Салиев жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда содир бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда Жиззах вилояти прокурори Исломжон Эргашхўжаев ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Жиззах шаҳри ҳамда Шароф Рашидов туманларида аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат хавфсизлигини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар хусусида маъруза қилишди.

Йиғилишда содир этилган қонунбузилишлар маҳаллалар кесимида таҳлил қилиниб, уларнинг сабаб ва омиллари тилга олинди. Шу қаторда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ишни ташкил этиш, профилактика инспекторининг ишини енгиллаштириш ва иш натижадорлигини оширишга оид таклифлар билдирилди.

Учрашувда Жиззах шаҳридаги криминоген вазияти оғир бўлган Бобур ҳамда Шароф Рашидов туманининг Қаҳрамон маҳаллаларини “жиноятдан холи маҳалла”га айлантириш бўйича қилиниши лозим бўлган вазифалар белгиланди. Бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича сектор раҳбарлари, маҳаллалар бешлиги ҳамда мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Хуллас мазкур тадбирда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш аҳволи муҳокама қилиниб, бу борадаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech