Сектор раҳабари Зоминдаги бунёдкорлик ишлари билан танишди
“Ermakplus” МЧЖ Зомин туманидаги йирик саноат корхоналаридан саналади. Мазкур мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳасининг йўлга қўйилиши билан юзлаб зоминликлар иш билан таъминланган. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ушбу корхона фаолияти билан танишар экан, ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Маълум қилинишича, корхона Туркия давлатида ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва йиллик қуввати 900 тоннани ташкил этади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган олма ва ўрик нектари, анор шарбати, мева пюреси каби маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.
Бошқарма бошлиғи туманда ички кўчаларни шағаллаштириш борасидаги ишларнинг боришини ҳам кўздан кечирди ва маҳаллаларда инфратузилмани янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган режалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Боғишамол, Гулшан, Ёшлик каби 10 га яқин маҳаллаларнинг 22 ярим километрлик кўчаларига шағал ётқизиш режа қилинган ва амалда бу кўрсаткич қарийб 23 километрга яқинлаштирилди. Бундан ташқари, туман 3- сектори томонидан ҳашар йўли билан қўшимча 8 километр йўлни шағаллаштириш давом этмоқда.
Туманинг Нурафшон маҳалласида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд Қаноат Умарова 3- сектор раҳбарига мурожаат қилиб, яшаш уйи қурилишида амалий ёрдам сўраган эди. Мазкур масала ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, уни ижобий ҳал этиш чораси кўрилмоқда. Ҳозирда 5 нафар усталар бунёдкорлик ишларини жадал олиб боришаётир. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу хайрли иш билан ҳам танишди ва қурилиш материалларини ўз вақтида етказиб бериш лозимлигини уқтирди. Шу қаторда оилага зарур кўмак кўрсатиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.