Сектор раҳбари бахмалликлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида Бахмал туманида аҳоли, хусусан ёшлар билан мулоқот қилди. Туман Маданият марказида ўтган сайёр қабул аввалида эҳтиёжманд оилаларнинг 10 нафарига маиший техникалар, 7 нафарига ўзини-ўзи банд қилиш учун субсидия асосида тикув мошинка, 5 нафар ёшларга олий таълим учун шартнома пулларининг бир қисми тўланганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Бундан ташқари бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланишди.
Мулоқотда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда сектор раҳбаридан амалий ёрдам сўрашди. Ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш, йўл белгилари ўрнатиш, саломатлигини тиклаш, кўчаларни соз ҳолатга келтириш, шағал ётқизиш, моддий ёрдам, эски симёғочларни янгилаш, уй-жой билан таъминлашга оид муаммоларни ҳал этиш зарурлигини баён этишди.
Сайёр қабулда кўтарилган 20 га яқин муаммо тегишли вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари иштирокида кўрилиб, ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Мулоқот чоғида мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, кўтарилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига топшириқлар берилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кўтарилган масалаларнинг айримларини мутасаддилар билан бирга жойига чиқиб ўрганди, масъулларга ижросини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилди. Шунингдек, 3- сектор ишчи гуруҳи томонидан фуқароларнинг муаммолари манзилли кўздан кечирилиб, ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шу куни вилоят ИИБ бошлиғи туманнинг Дўстлик маҳалласи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишларни ҳам ўрганди. Шу маънода сув узатиш иншоотида олиб борилган бунёдкорликларни кўздан кечирди.
Маълум қилинишича, Дўстлик маҳалласи ҳудудида ўтган йилнинг декабр ойида 2 та сув қудуғини барпо этиш ва тармоқларни тортиш ишлари бошланган эди. Бугунга келиб ушбу қурилишнинг 90 фоиздан ортиғи бажарилган. Ҳозирда аҳоли хонадонларига ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш ишлари олиб борилаяпти. Мазкур лойиҳа доирасида жами 3 ярим миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига 2 та сув қудуғи қазилди, сув миноралари ўрнатилиб, 13,3 километрлик тармоқ тортилди. Яна саноқли кунлардан сўнг 500 та хонадоннинг сувга бўлган эҳтиёжи қондирилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати