Сектор раҳбари Дўстлик, Зафаробод ва форишлик аҳолилар билан мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Дўстлик, Зафаробод ва Фориш туманларида аҳоли билан учрашди. 3- сектор раҳбарининг Дўстлик тумани Бунёдкор маҳалласи аҳолиси билан учрашуви ҳудуддаги Маданият саройида ўтказилди. Мулоқот аввалида эҳтиёжманд оилаларнинг 4 нафарига электр печ, ўзини-ўзи банд қилиши учун 5 нафар аёлга субсидия асосида тикув мошинаси, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 2 шахсга ID karta, 11 нафар ёшларга олий таълим учун шартнома пуллари, сафарбарлик чақирув резерви ҳамда моддий ёрдам, кредит маблағи ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. 5 нафар ташаббускор ёшлар эса вилоят ИИБ бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда совғалари билан тақдирланди.
Мулоқотда фуқаролар ўзларини қийнаётган қатор масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, имтиёзли кредит олиш, ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам, уй-жой каби қатор масалаларни бартараф қилиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, сектор раҳбари “Бунёдкор тикувчи қизлари” МЧЖга қарашли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан танишди. Маҳалланинг 30 нафар хотин-қизлари ишлаётган мазкур корхонанинг маҳсулотлари тўлиқ экспортга йўналтирилмоқда. Ушбу корхонанинг Саритепа маҳалласидаги филиалида ҳам 22 киши доимий иш ўрнига эга. Аммо кредит тўлови билан боғлиқ масала фаолиятни янада кенгайтиришда тўсиқ бўлиб турибди. Ушбу муаммо туман ҳокимлиги ва тижорат банклари мутасаддилари билан муҳокама қилиниб, амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.
Бугунги изғиринли кунларда ижтимоий соҳа объектларини бир маромда иссиқлик билан таъминлаш долзарб масалалардан саналади. Шу маънода вилоят ИИБ бошлиғи маҳалладаги 19- сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлиб, иситиш тизимини кўздан кечирди. Шу билан бирга ўқувчилар билан суҳбатда бўлди.
Маълум қилинишча, бошланғич таълим муассасасида 268 нафар ўқувчиларга 22 нафар педагог сабоқ беради. Мавжуд 8 та қозонхонага замонавий иситиш печлари ўрнатилган. Ҳозирда ҳомийлар ҳисобида мактаб учун мини футбол майдони қуриш ишлари жадал олиб борилаётир. Ушбу ишларни кўздан кечириш асносида сектор раҳбари маҳалла фаоллари ва сектор штаб аъзоларига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллани янада обод қилиш бўйича вазифалар юклади.
Вилоят ИИБ бошлиғи Зафаробод тумани Писталикент шаҳарчасида ҳам аҳоли билан мулоқот қилди. Тумандаги барча секторлар раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар масъуллари иштирокидаги учрашувда жорий йилнинг ўтган даврида кўчаларга асфальт ва шағал ётқизиш, ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар тилга олиниб, шу кундаги долзарб масалаларга ҳам диққат қилинди. Шу маънода фуқаролар томонидан фитнес клуб фаолиятини йўлга қўйиш, ҳудудни обод қилиш, саломатлигини тиклаш, уй-жой таъмири бўйича мурожаатлар ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Тадбир давомида Бирлик кўчасида истиқомат қилувчи Дилрабо Зокированинг фарзанди саломатлигини тиклаш, уй-жой таъмири ва моддий ёрдам бўйича мурожаати масъуллар томонидан яшаш уйига бориб ўрганилди. 3- сектор, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда маҳалла фаоллари томонидан оилага ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Фориш тумани Оқтепа маҳалласи аҳолиси билан учрашувда ҳам фуқаролар мактаб қурилиши, оқова ҳамда ичимлик суви, иситиш тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда кўмак зарурлигини баён этишди. Таъкидланишича, 16 та оила истиқомат қилаётган 2 қаватли уйдаги мавжуд 4 та қозонхоналарнинг 3 таси ишламайди.
Кўтарилган ҳар бир масалани қисқа фурсатда ҳал этиш нуқтаи назаридан мутасадди ташкилотларга топшириқлар юклатилди. Қисқаси, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг жойларда ўтказилаётган сайёр учрашувларида аҳолини қийнаётган долзарб масалаларга масъулларнинг эътибори қаратилиб уларни зудликда ечиш чоралари кўрилаётир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати