15 Август 2023 йил 508

Сектор раҳбари микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Дўстлик туманидаги микросаноат ва хизмат кўрсатиш марказида маҳсулот ишлаб чиқариш фаолиятларини кўздан кечирди. Мазкур жараёнда вилоят ИИБ бошлиғига ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, қарийб 4 гектарни эгаллаган ушбу марказ қурилиши учун 22 миллиард сўм йўналтирилганлиги, шунингдек бу ерда 150 нафар тадбиркор томонидан 60 миллиард сўмлик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётганлиги билдирилди. Маълум қилинишича, 550 иш ўрнига эга тикувчилик мажмуаси, 200 та иш ўрнига эга чинни буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Қайд этиш керак, марказда 2000 та иш ўрни юзага келтирилиб, асосан ижтимоий дафтарларга рўйхатга олинган ёшлар ва аёллар қабул қилинган. Қолаверса, марказда мебель, салқин ичимликлар, чарм сумкалар, канцелария ва хўжалик қоғозлари, кўрпа-ёстиқлар ҳамда мих, эшик-дераза ромлари, девор ва шифт безаклари, газоблок, пеноблок, цементоблок каби ўнлаб турдаги қурилиш маҳсулотлари тайёрланади.

Бугунга келиб марказда бунёдкорлик ишлари деярли якунланиб, саноат лойиҳаларининг аксарияти фаолият бошлаган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур микросаноат ва хизмат кўрсатиш марказининг тез кунларда тантанали очилиш маросими ўтказилади.

Text to speech