Сектор раҳбари Мирзачўлда аҳоли билан мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида Мирзачўл туманида аҳоли, хусусан, ёшлар билан учрашди. Дастлаб сектор раҳбари ҳудуд тадбиркорларининг маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Шу ерда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, бу борада мавжуд имкониятлардан фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.
Маданият марказида ўтган сайёр қабул аввалида эҳтиёжманд оилаларнинг 3 нафарига субсидия асосида тикув мошинкалари, кўмакка муҳтожларга ногиронлик аравачаси ҳамда тирсакли қўлтиқтаёқ, 2 кишига кредит маблағи ажратилганлиги ҳамда 8 нафар ёшга олий таълим муассасаси учун шартнома пули тўланганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Жараёнда бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мулоқотда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган 20 га яқин муаммоларини ҳал этишда сектор раҳбаридан ёрдам сўрашди. Хусусан, Исматулла Мингбоев “Оналар боғи” учун кредит ажратиш, Раҳим Пардаев эса ичимлик суви таъминоти, Нурхон Чўтбоева бандлик масаласида мурожаат қилишди. Қабул давомида шу каби кредитга олинган уй жиҳозлари тўлиқ берилмаганлиги, ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан аввал озод қилиш, оқар сув, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун маблағ зарурлиги баён этилди. Бундан ташқари, оқова сув тизимидаги носозликларни бартараф этиш, тунги ёритиш тизими ҳамда саломатлигини тиклашга оид масалаларга мутасаддилар иштирокида ечим изланди.
Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилди. Шу қаторда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, кўтарилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда маҳалла фаолларига топшириқлар берилди.