Сектор раҳбари оқтепаликлар билан мулоқот қилди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида Фориш тумани Оқтепа маҳалласида аҳоли, хусусан, ёшлар билан учрашди. Сайёр қабулда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этишда сектор раҳбаридан ёрдам сўрашди. Хусусан, трансформатор ўрнатиш ва электр тармоқларини янгилаш, ички кўчаларни асфальт қилиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кўчаларни бетон қилиш, таъмирлаш, саломатлигини тиклаш, кадастр ҳужжатлари, хонадонини табиий газ тармоғига улаш каби кўтарилган ҳар бир масалага мутасаддилар иштирокида ечим изланди.
Сайёр қабулда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд камчиликларни ҳамда баён этилган масалаларни жойида бартараф этиш бўйича секторлар раҳбарлари, тегишли идоралар масъуллари ҳамда маҳалла фаолларига топшириқлар берилди.
Жараёнда эҳтиёжманд оилалар ҳамда ёшларга субсидия асосида тикув мошинкалари, электр печ, сафарбарлик чақирув резерви учун пул маблағи тўланганлиги, моддий ёрдам ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Бундан ташқари бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ИИБ бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мулоқотдан сўнг 3- сектор раҳбари тумандаги 30- сонли ўрта умумтаълим мактабининг қўшимча ўқув биноси қурилиши билан ҳам танишди. Шунингдек, томорқадан унумли фойдаланаётган оқтепаликларнинг тажрибалари билан ўртоқлашилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати