Сектор раҳбари Қўриқ қишлоғида сайёр қабул ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули Янгиобод туманининг Ҳавотоғ қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Қўриқ қишлоғида бўлиб ўтди. Аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни тез ва самарали ҳал этиш мақсадида мазкур тадбирга 3- сектор ишчи гуруҳи, хусусан ҳокимлик, вилоят ҳамда туман ташкилотлари ва муассасалари масъуллари жалб этилди.
Мулоқот жараёнида ҳавотоғликлар турар жойни таъмирлаш, уй қуриш учун қурилиш маҳсулотлари ажратиш, ичимлик суви тармоғи тортиш, даволаниш харажатларини қоплаш, нафақа пулларини ундириш, ишга жойлашиш, қишлоқ врачлик пунктини мутахассис билан таъминлаш борасида кўмак сўрадилар. Ўз навбатида вилоят ИИБ бошлиғи фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларга ечим топиш учун тегишли соҳа вакилларини бириктирди.
Сайёр қабул давомида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида Ҳавотоғ қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 5 нафар фаол ёш 3- сектор раҳбарининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланди. “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар фуқарога эса микротўлқинли печь ҳамда тикув машиналари топширилди.
Яна 4 киши банкдан имтиёзли кредит олиш имконини берувчи сертификатни қабул қилиб олди. Бу маблағ миникультиватор, юк ташувчи мототранспорт воситаси ҳамда нон пишириш ускунаси сотиб олишга йўналтирилади. Худди шундай, фуқаролиги бўлмаган 3 кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар топширилди.
Сайёр қабул доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг эндокринолог, ортопед, педиатр, кардиолог ва невропотолог мутахассислари мобил тиббий автобусда ҳудуд аҳолисини кўрикдан ўтказишиб, даволанишга оид йўлланма ва маслаҳатлар бердилар. 3- сектор раҳбари тиббий кўрик жараёни ва ҳудуддаги ҚВП филиали фаолияти билан танишди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи қишлоқдаги Файз кўчасига ҳам борди. Файзликлар сайёр қабулда электр таъминотини яхшилаш масаласини кўтаргандилар. Шу жойда муаммони бартараф этиш чоралари белгилаб олинди. Айтганча, сайёр қабул ўтказилган куни 3- сектор масъуллари ташаббуси ва кўмагида қишлоқнинг Қўриқ ва Тошқўрғон кўчаларига 610 метр узунликда шағал ётқизилди. Бу ишга 5 та юк ташиш ҳамда 1 та юк ортиш техникаси ва 1 та грейдер жалб қилинди. 3- секторда эзгуликка эш тадбирлар давом этмоқда.