Сектор раҳбари саритепаликлар билан мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида Дўстлик туманида сайёр қабул ўтказди. 3- сектор раҳбари дастлаб Саритепа маҳалла марказида фаоллар учун зарур қулайлик яратиш бўйича режаланган ишлар билан танишди.
Қайд этилишича, мазкур бино тўлиқ таъмирланиб, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси учун барча шароит яратилади.
Шунингдек, бинонинг иккинчи қаватида 50 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилади. Шундан сўнг 3- сонли ўрта умумтаълим мактабида ташкил қилинган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида ташкилотлар томонидан таклиф этилган бўш ўринлари, аҳоли ва ёшлар иштирокидаги шахмат мусобақаси ҳамда мактаб ўқувчиларининг рассомчилик ва ҳунармандчилик намуналари ҳам кўздан кечирилди.
3- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтган сайёр қабул аввалида эҳтиёжманд оилаларнинг 5 нафарига тикув мошинкалари, 2 нафарига бир марталик моддий ёрдам, 2 нафарига кредит маблағи ажратилганлиги ҳамда икки нафар ёшга олий таълим муассасаси учун шартнома пули тўланганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Жараёнда бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ИИБ бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланишди.
Мулоқотда саритепаликлар ўзларини қийнаб келаётган 25 дан зиёд муаммоларини ҳал этишда сектор раҳбаридан ёрдам сўрашди. Хусусан, ичимлик суви, маҳалланинг фаол хотин-қизлари учун саёҳат ташкил этиш, уй-жойини таъмирлаш масалалари кўтарилди. Бундан ташқари чорва моллари учун қўшимча бино қуриш, кўчаларни асфальтлаш ва шағал ётқизиш, электр энергияси учун трансформатор ўрнатиш, кўп қаватли уйлар учун тандирхона бунёд этиш, кредит ва субсидия ажратиш, саломатлигини тиклашга оид масалаларга мутасаддилар иштирокида ечим изланди.
Шунингдек, тадбирда фуқаролар 3- сектор томонидан кўрсатилган ёрдамлар учун миннатдорлик ҳам билдиришди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилди. Шу қаторда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, кўтарилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда маҳалла фаолларига топшириқлар берилди.