30 Май 2023 йил 579

Сектор раҳбари Зарбдорда ижтимоий-иқтисодий объектлар билан танишди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зарбдор туманининг 3- секторидаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий объектларда бўлиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан фаоллар, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Дастлаб сектор раҳбари Шодлик МФЙда бешлик фаолияти билан танишди. Хусусан, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ишларнинг боришига эътибор қаратди. Шу маънода ўқувчи ёшларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш, уларни тўгаракларга жалб этиш, спорт турлари билан шуғулланишларига шароит яратиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди. Жараёнда оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.

Бошқарма бошлиғи шу ерда Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи, ўзига бириктирилган ёшлардан бири Жавоҳир Босимов билан мулоқот қилди. Суҳбат чоғида ўқиб-ўрганиш, илм олиш, фойдали меҳнат билан шуғуланиш лозимлиги уқтирилиб, унга эшитиш мосламасини топширди.

3- сектор раҳбари тумандаги “Super star gold” МЧЖда томчилатиш суғориш тизимининг афзалликлари билан ҳам танишди. Таъкидлаш жоиз, 20 гектар ерда маккажўхори ва пиёз парваришланаётган ушбу қишлоқ хўжалиги ташкилотида 5 нафар доимий ва 20 нафарга яқин мавсумий ишчилар меҳнат қилишмоқда. Хўжаликда 3 йилдирки артизан қудуғи орқали ер соти сувидан фойдаланилади. Жорий йилдан илк бор экинларни томчилатиб суғорилиши йўлга қўйилди. Бу ўз ўрнида юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим омил бўлаяпти.

Ҳозирда ўтган йилнинг декабр ойида экилган 7 гектарда пиёз ҳамда 13 гектар ерда маккажўхори етиштирилмоқда. Шу куни вилоят ИИБ бошлиғи туман пиллакорлари билан ҳам учрашди.

Маълумот ўрнида, жорий йилда туман пиллакорлари 1 минг 300 қути қуртдан 78 тонна пилла етиштириш режаланган. Ҳозирда ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бугунга қадар кўзланган натижанинг 73 фоизи бажарилди. Етиштирилган пилла ўз навбатида “Зомин асл ипак толаси” фабрикасига юборилаётир. Бундан ташқари туманида ғалла ўрим йиғимига комбайнларни тайёрлаш ишларига ҳам диққат қилинди. Жорий ўрим-йиғимга “Зарбдор Зомин ғалла класстери” МЧЖнинг 36 та комбайни соз ҳолатга келтирилган. Ушбу техникалар ёрдамида 14 минг 300 гектарлик ғаллани ўз вақтида ўриб олиш чоралари кўрилмоқда.

Бошқарма бошлиғи ғалла ўримини сифатли ва самарали ўтказиш, механиклар ва ишчилар учун зарур қулайликларни юзага келтириш, ёқилғи мойлаш ва зарур эҳтиёт қисмлар билан ўз вақтида таъминлаш, талон-тарожликка йўл қўймаслик бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Text to speech