Секторда иш қизғин
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вилоятнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, 3- секторда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, томорқадан самарали фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Шароф Рашидов туманида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида бўш турган бино тадбиркорга берилди. Бугунги кунда бунёд этилган тикувчилик цехида 30 нафар фуқаро иш билан банэ этилди. Келгусида яна 20 та иш ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу лойиҳа билан танишиб, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, маҳсулотлар харидоргирлигини ошириш юзасидан тавсиялар берди.
Тадбиркор томонидан келгусида жинси матосидан маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун қўшимча бинога эҳтиёжи борлигини маълум қилди. Мазкур масалани ҳал этиш юзасидан 3- сектор раҳбари масъулларга топшириқлар берди. Дўстлик тумани Саритепа маҳалласида ҳам шундай лойиҳани амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, мавжуд бўш турган бинони таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Сектор раҳбари ушбу ишлар билан танишиб, яратиладиган иш ўринлари ва ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари билан қизиқди. Бошқарма бошлиғи маҳаллада аҳолининг томорқа ер хўжаликларидан фойдаланишини ҳам кўздан кечирди.
Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида туманнинг “Бунёдкор” маҳалласида ҳуқуқ-тартибот маскани бунёд этилмоқда. Бошқарма бошлиғи ушбу қурилиш ишлари билан танишар экан, мазкур бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспектори жойлашиши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кенг жамоатчилик билан якдиллик билан иш олиб боришини таъкидлади.
Маҳаллада ўзини-ўзи банд қилиш масаласида ҳам бир мунча ишлар қилинган. Хусусан, 3- секторнинг бевосита амалий ёрдами билан 60 та хонадоннинг 3 сотих ер майдонларида иссиқхоналар бунёд этган. Ҳар бир иссиқхона учун 18 миллион сўмдан маблағ сарф этилган. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу иссиқхоналарда ҳам бўлиб, тадбиркор-деҳқонлар билан суҳбатлашди.
Ўрганиш жараёнида ҳудудлар ободлигини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.