Шодлик ва бахт куйчиси
ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчиларининг буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиши, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш, олаётган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида қатор тадбирлар уюштириб борилади. Галдаги маънавий-маърифий тадбир Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Ҳамид Олимжон ва Зулфия филиалида ташкил этилди. Шодлик ва бахт куйчиси, истеъдодли шоир, драматург, олим, давлат ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон таваллудига бағишланган кечада ўқувчилар шоир қаламига мансуб шеърлардан ўқишди. Ҳаёти ва ижодига оид саволларга жавоб бериш орқали ўз билимини намойиш этишди. Бадиий тадбир давомида ўқувчилар шоирнинг ҳаёти ва ижодига тегишли экспонатлар, фотогалереялар, турли мавзудаги асарлари, асл қўлёзмалар билан танишишди.
Қайд этиш жоиз, музейнинг бир ёнида Ҳамид Олимжоннинг ҳаёти, ижоди акс эттирилган ҳужралар, бир ёнида эса Зулфияхонимга тегишли экспонатлар жойлаштирилган ҳужралар бўлиб, уларга тегишли асарлар, давлат мукофотлари, бахтли ҳаёти акс эттирилган расмлар, ижодкорларнинг тарихий либослари кўргазмаси ташкил қилинган. Қисқаси, ўнаётган авлод Ҳамид Олимжон ҳаёти, ижоди ва фаолиятини ўрганишга бағишланган тадбирда билимларини янада бойитиб қайтишди.