Ш.Рашидов туманида хизмат интизомига бағишланган учрашув ўтказилди
Жиззах вилояти ИИБ томонидан Ш.Рашидов тумани ИИБда хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликни таъминлаш масаласида учрашув ўтказилди. Йиғилишда туман ички ишлар бўлими ходимлари, уларнинг оила аъзолари ва ота-оналари иштирок этишди. Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ҳ.Абдуллаев ҳамда ИИВ ШХББ Жиззах вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник А.Содиқов ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва осойишталикни таъминлаш борасидаги хизматларини эътироф этишди.
Шунингдек, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, турар жой билан таъминлаш, фарзандларини олий ўқув юртларига қабул қилиш ҳамда тиббий хизматдан фойдаланишдаги имтиёзлар билан бирга хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун яратилаётган қулайликлар ҳам тилга олинди. Шу билан бирга ходимлар томонидан содир этилган айрим салбий ҳолатлар ҳақида маълумот берилиб, касбий кўникмаларини ошириш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тамагирлик ва бошқа қонунбузарликларга йўл қўймаслик зарурлиги уқтирилди.
Тадбир давомида хизмат фаолиятида намуна кўрсатган бир гуруҳ ходимларнинг ота-онаси ва турмуш ўртоқларига вилоят ИИБ бошлиғининг ташаккурномаси топширилди. Жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашда намунали хизмат олиб бораётган ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Йиғилиш сўнггида шахсий таркибга қонунчиликни бузган ва ҳозирги вақтда озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаётган собиқ ходимлар тўғрисида тайёрланган “Надомат” номли видеофильм намойиш этилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати