Сифатсиз гўшт ёқилди
Жорий йилнинг 3 июнга ўтар кечаси Ғаллаорол тумани ҳудудидаги “Сангзор-15” йўл-патруль хизмати масканида Қашқадарё-Тошкент йўналишида шубҳали ҳаракатланган “Cobalt” тўхтатилиб, вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан текширилди. Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чаппари қишлоғида яшовчи 1982 йилда туғилган Э.Т. фуқаро бошқарувидаги автоуловни кўздан кечириш чоғида юкхона ва салонида гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда олиб кетилаётгани аниқланди. Ҳайдовчи ушбу гўшт маҳсулотларига оид ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмаган. Аммо Э.Т. гўштни Қашқадарё вилоятидан Тошкент шаҳрига сотиш мақсадида олиб кетаётганини маълум қилган.
Тадбир жараёнида соҳа ходимлари томонидан жами 820 килограмм гўшт маҳсулотлари ҳужжатлаштириб олинган. Унинг истеъмолга яроқлилигини текшириш мақсадида вақтинча музхонага жойлаштирилган. Бироқ, лаборатория текширувида гўшт маҳсулотининг истеъмолга яроқсизли ойдинлашди. Шундан сўнг ушбу гўшт маҳсулоти тегишли тартибда ёқиб йўқ қилинди.