Содир этилган қонунбузарлик муҳокама этилди
Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташаббуси билан Нурлиобод маҳалласида ўқувчи томонидан содир этилган қонунбузарлик муҳокама этилди. Кўнгилсиз воқеага 2 нафар боланинг ким зўрлигига оид тортишуви сабаб бўлган.
Нурлиобод маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари, ҳудуддаги ўрта умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, сектор масъуллари ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари иштирокида ўтган тадбир аввалида 6- синф ўқувчиси томонидан содир этилган қонунбузарлик ҳақида маълумот берилди.
Маълум бўлишича, 6 май куни Жиззах шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 13- сонли ўрта умумтаълим мактабининг 6- синф ўқувчилари мактаб спорт залида футбол ўйнашга қарор қилишади. Шу ерда ўқувчилардан бири бошқасидан жисмоний жиҳатдан устун эканлигини таъкидлай бошлайди. Келиб чиққан жанжал оқибатида ўқувчилардан бири тан жароҳати олади ва республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг травматология бўлимига ётқизилади. Унинг чап ўмров суяги ёпиқ синган.
Танқидий руҳда ўтказилган муҳокама жараёнида вояга етмаганларнинг ушбу қилмишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитлар таҳлил этилди. Чунончи, оилалардаги маънавий муҳит, таълим-тарбия сифати, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни назоратсиз қолдирмаслик, бу мақсадда ота-оналар, ўқитувчилар, профилактика инспектори ва маҳалла фаолларининг масъулиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Худди шундай, мутасаддиларнинг қонунбузарликларнинг олдини олишдаги камчиликлари тилга олинди. Тадбир давомида вилоят ҳудудида содир қилинган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот берилиб, ота-оналар ва ҳудуд фаоллари хушёрликка чақирилди. Ўз навбатида масъулларнинг ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар профилактикаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги ҳисоботи тингланди.
Йиғилишда фуқаролар орасидаги лоқайдлик, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлиш оқибатида кўплаб салбий ҳолатлар юзага келаётганлиги, бу ўз навбатида давлатимиз келажаги бўлган ёш авлоднинг эртанги кунига салбий таъсир ўтказиши таъкидланди. Сўзга чиққанлар йиғилишдан кўзланган асосий мақсад, вояга етмаганларнинг шахсига ёки қилмишига тўхталиш эмас, балки мазкур ҳолатнинг келиб чиқишига замин яратган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, ушбу йўналишда йўл қўйиб келинаётган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, келгусида бу каби жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳамжиҳат бўлиб, “Бир болага етти маҳалла ота-она” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилашдан иборатлигини билдирдилар.