3- сектордаги ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари замонавий қиёфа касб этмоқда
Айни кунларда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод маҳалла” дастури асосида бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Чунончи, янги иншоотлар тикланиб, мавжуд турар жойлар, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари замонавий қиёфа касб этаётир.
Ушбу маҳалла жойлашгани боис ички ишлар органлари маъсуллари лойиҳаларга маблағ ажратилиши, қурилиш маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда зарурий техникаларни жалб этиш орқали дастурнинг ҳаётга татбиқ этилишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу маънода соҳа вакиллари ҳудудда юз бераётган ҳар бир ўзгаришни, хусусан барпо этилган биноларни, фаолияти йўлга қўйилган янги корхоналарни ўз ютуқлари сифатида кўрадилар.
Бу бежиз эмас, жумладан Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғинининг очилиш маросимида ички ишлар органлари ходимларининг маҳаллани обод қилишга қаратилган хизмати алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, мазкур тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Пахтакор тумани ҳокими Асилбек Ашуров ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда инсонлар турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар хусусида тўхталдилар.
Сўнг 1,5 миллиард сўм эвазига барпо этилган маҳалла фуқаролар йиғини биносида раис, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси учун яратилган шароитлар билан танишилди. Айтганча, бу ерда кутубхона ҳам юзага келтирилган.
Шу куни маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги касб-ҳунар коллежида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотлари кўргазмаси уюштирилди. Мазкур жараёнда боғишамолликларга 86 та иш ўрни таклиф этилди. Худди шундай, 3- сектор раҳбари касб-ҳунар коллежида ташкил этилган, айни вақтда 80 нафар хотин-қиз тикувчилик сирларини ўзлаштираётган курс фаолияти билан танишди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳудуддаги 30 ишчи меҳнат қилаётган янги тикувчилик цехида ҳам бўлди. Бу ерда масъулият чекланган жамият томонидан кунига минг дона болалар ва катталар футболкалари ишлаб чиқарилаётгани, тез орада маҳсулотлар Россияга экспорт қилиниши, талабга кўра ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич оширилиши маълум қилинди.
Боғишамолда 3- сектор раҳбари 1,5 миллиард сўм ҳисобига капитал таъмирланган 180 нафар бола тарбияланаётган 4- сонли мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлар билан танишди. Хуллас, маҳаллани обод қилишга қаратилган ишлар қизғин давом этмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати