20 Январ 2023 йил 481

Соҳавий хизматлар фаолияти сарҳисоб қилинди

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ томонидан соҳа вакилларининг 2022 йилда қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолиятлари муҳокама этилди. Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Раҳматулла Бўриев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда дастлаб, ҳудудда 2022 йил давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди.

Таъкидланишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир вақтда ҳисобот даврида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари аввалги йилга нисбатан 0,4 фоизга, тан жароҳати олганлар 1,6 фоизга ошган. Ушбу ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлганлар 1,3 фоизга камайган. Йиғилишда оғир оқибатли, ўлим билан боғлиқ ва қурбонсиз йўл-транспорт ҳодисалари туманлар кесимида ва турлари бўйича таҳлил қилинди. Ҳодисаларнинг аксарияти ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка, светофор, йўл белгилари ва чизиқларига, ишораларга риоя қилмаслик каби қоидабузарликлар оқибатида содир этилганлиги маълум қилинди.

Йиғилишда вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБнинг ўтган йилдаги фаолиятига ҳам диққат қилинди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 12 ойи давомида ППХ ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида 850 нафар фуқародан 1 минг 3 та тиғли жисмлар олиб қўйилган. Бундан ташқари, ППХ саф бўлинмалари нарядлари томонидан 19 нафар қидирувда юрган ва 1 нафар бедарак йўқолган шахслар аниқланди.

Танқидий-таҳлил руҳида ўтган йиғилишда йил давомида ППХ саф бўлинмалари нарядлари ва ППХ ходимлари томонидан фош этилган жиноятлар, шахсий қурол эгаларининг қурол сақлаш қоидаларига амал қилиш ҳолатини ўрганиш, ички ишлар органлари махсус муассасалари, суд ва тергов органларининг талабномалар асосида амалга оширилган конвой тадбирлари, кинология ҳамда карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси фаолиятлари ҳам кўриб чиқилди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатилиб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.

Ҳудди шундай, вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ томонидан ўтган 12 ой давомида амалга оширилган ишлар танқидий кўрилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Маълум қилинишича, ИИО ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида қотиллик, талончилик, босқинчилик, безорилик, енгил тан жароҳати етказиш, номусга тегиш жиноятлари камайган бўлса, оғир тан жароҳати етказиш барқарор сақланган. Йиғилиш давомида вилоятда содир этилган умумий жиноятлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилди.

Шу билан бирга вилоятда профилактика инспекторлари томонидан аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар, маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар, жойларда аҳоли ўртасида жиноят сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокама қилинишини ташкил этиш ишлари ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари йиғилишда вилоят ИИБ ЖХХ пробация бўлими томонидан амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилди. Жараёнда пробация гуруҳлари назорати остидаги шахслар томонидан содир этилган жиноятлар шаҳар ва туманлар кесимида кўриб чиқилди. Шу қаторда маҳкумларни қайта касбга ўқитиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларига кўмак бериш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлаётган маҳкумларнинг жазосини енгиллаштириш ва шартли равишда озод қилиш ишлари баҳоланди.

Йиғилишда хато ва камчиликлар кўрсатилиб, келгусида пробация назоратидаги шахслар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ва улар билан якка тартибдаги профилактик тадбирларни янада кучайтириш, ижтимоий мослаштиришга қаратилган чоралар белгиланди.

Text to speech