15 Март 2022 йил 584

“Соғлом ҳаёт” махсус профилактик тадбири ўтказилди

Юртимизда ОИВни юқтиришнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Соғлом ҳаёт” махсус профилактик тадбири ўтказилди. Мазкур тадбир доирасида давра суҳбатлари, ўқув семинарлари, учрашувлар, спорт мусобақалари ташкил этилди.

Хусусан, Жиззах политехника ҳамда Жиззах давлат педагогика институтларидаги тарғиботларда гиёҳвандлик, хусусан ОИВ касаллиги, унинг юқиш йўллари, оқибатлари ва профилактикаси хусусида маълумот берилди. Худди шундай Жиззах ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат мактаби ва Ёшлар инновацион марказида йиғилиш ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, ёшларнинг ОИВ ҳақидаги билимлари оширилди. Мутахассислар ёшлар соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари, спорт билан шуғулланиши, яратилган шароитлар ва берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда дунёқарашини кенгайтириш лозимлиги уқтирилди. Ушбу тадбирларда бир ярим мингдан зиёд ўрта умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари, қарийиб 500 га яқин талабалар иштирок этишди.

Жиззах олимпия заҳиралари коллежида эса спортнинг футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича 2008-2009 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида беллашувлар ўтказилди. Очиқ биринчиликда 100 дан зиёд ёш спортчилар маҳоратларини намоён этишиб, якунда ғолиблар вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳридаги бир марталик иш билан таъминлаш марказида фуқаролар ОИВ инфексияси ва вирусли гепатит касалликларига тезкор экспресс тест усулида текширилди. Жиззах шаҳри ва барча туманларда фаолият олиб бораётган ҳаммомлар, тунги клуб, сартарошхона, сауна, гўзаллик салонлари ҳамда тери бутунлигини бузиб ишлайдиган йўналишларда фуқароларга хизмат кўрсатувчи 225 нафар ходимлардан қон таҳлиллари олинди. Улардан бир нафарида ОИТС касаллиги, 5 нафарида эса бошқа турдаги касалликлар аниқланди.

Таъкидлаш жоиз, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармаси ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш гуруҳи томонидан профилактик тадбир давомида 3 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди. 4 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди. Шунингдек, 1 та исловатхона ва 1 та ҳолатда интернет ижтимоий тармоқлари орқали ноқонуний фаолият кўрсатаётган гуруҳ фаолияти фош этилди.

Қисқаси, ташкил этилаётган тадбирлар орқали фуқаролар ОИВ инфекциясидан огоҳ этилиб, ҳар бир киши бедаво дардни юқтирмаслик, тиббий билимини ошириб бориши, соғлом ҳаёт тарзига амал қилишлари лозимлиги тушунтирилмоқда.

Text to speech