9 Апрел 2022 йил 519

Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилди

Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, республика олий судлари, Бош прокуратура, Божхона қўмитаси масъулларидан таркиб топган ишчи гуруҳи суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар ўтказди.

Оммавий сайёр қабуллар Дўстлик туманида давом этди. Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой, Зафаробод ва Пахтакор туманларида яшовчи фуқароларнинг арзини эшитиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўришга қаратилган тадбирга вилоят ҳамда ушбу туманлар ҳокимликлари, бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, масъуллари жалб этилди. Тумандаги Олтин водий маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган қабулда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Яҳёжон Абдулҳаков ҳам мурожаатчилар билан мулоқот қилди.

Тадбир давомида фуқаролар томонидан шахсга оид ҳужжатларни расмийлаштириш, ишга қабул қилиш, қонунбузарга нисбатан чора кўриш, фирибгардан кўрилган зарарни ундириш каби қатор муаммолар кўтарилди. Ўз ўрнида Ички ишлар вазирининг ўринбосари томонидан тегишли идоралар масъулларини бириктириш орқали масалаларни ҳал қилиш чоралари белгиланди. Қабул давомида ушбу маҳаллада яшовчи фуқаронинг муаммоси ҳам барҳам топадиган бўлди. Хусусан, бир неча йиллар муқаддам бошқа давлатдан кўчиб келган фуқарога ўша давлатнинг фуқаролик паспортини олишда амалий ёрдам кўрсатилган. Мазкур қабулда ушбу фуқарога Ўзбекистонда яшаш учун хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномасига ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилиши кўрсатилди. Қабулга ички ишлар органлари ходимлари ҳақида илиқ сўз айтиш учун келганлар ҳам бўлди.

Худди шундай, Жиззах шаҳрининг Амир Темур маҳалласидаги 23- ўрта умумтаълим мактабида суд-ҳуқуқ соҳасига оид аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва бу йўналишдаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган сайёр қабуллар давом этди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Яҳёжон Абдулҳаковнинг оммавий қабули вояга етганларга шахсни тасдиқловчи ID карталар ва совғалар топшириш билан бошланди.

Шунингдек, тижорат банкларининг ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банкларидан имтиёзли кредит маблағи олиш учун сертификатлар топширилди. Аҳоли билан мулоқотлар давомида бандликни таъминлаш, ишга тикланиш, фирибгардан кўрилган зарарни ундириш, қонунбузарга нисбатан чора кўриш, оилавий низоларга барҳам бериш каби бир қатор масалалар кўтарилди.

Жиззах шаҳри, Фориш, Шароф Рашидов, Зарбдор, Зомин ва Янгиобод туманларининг 20 дан зиёд фуқароси ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, жазо муқаррарлигини таъминлашда кўмак сўрадилар. Ушбу масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилиб, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Қисқаси, ўтказилган сайёр қабулларда аҳолини қийнаётган кўплаб масалалар ҳал этилишига эришилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech