4 Март 2022 йил 574

Тадбиркорлар билан мулоқот

Пахтакор туманида вилоят ички ишлар бошқармаси, Жиззах вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказилди. Туман халқ қабулхонасида ўтган қабул аввалида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди. Қайд этилишича, кўрилаётган чоралар туфайли хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрни ортаяпти. Шу билан бирга жойларда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятининг йўлга қўйилаётгани ўз навбатида бандлик билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш имконини ҳам бераётгани айтилди.

Тадбир давомида туман иқтисодиётини юксалтириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришдаги фаоллиги учун 4 нафар тадбиркорлар 3- сектор томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Боғишамол, Мингчинор, Дўстлик ва Олтинкўл маҳаллаларида яшовчи 3 нафар фуқарога субсидия ҳамда 5 нафар ишбилармонларга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредит ажратилганлиги ҳақида сертификатлар топширилди.

Қабул давомида пахтакорлик тадбиркорларнинг кадастр ҳужжати, савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва ҳунармандлик, чорвачилик йўналишларида фаолиятни янада кенгайтириш учун кредит таъминоти, шунингдек коммунал хизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларда дуч келаётган масалаларига ечим изланди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишлилиги бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Ижроси вақт талаб этадиган масалалар назоратга олинди.

Бугунда туманда жами 958 та кичик тадбиркорлик субъектлари бўлиб, уларнинг 20 фоизга яқини саноат, 136 таси эса қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият кўрсатади. Бу каби учрашувлар эса хусусий сектордаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Text to speech