10 Ноябр 2021 йил 632

Тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда

Пахтакор туманида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Жўрабек Хожанов 3- секторда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказди. Мулоқот Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси режасига асосан ташкил этилди.

Мулоқотлар жараёнида билдирилган муаммо ва масалаларни жойида ҳал қилиш мақсадида сайёр қабулга ҳокимлик, иқтисодиёт, молия, коммунал каби фаолияти ишбилармонлик билан боғлиқ соҳалар масъуллари жалб этилди. Сайёр қабул аввалида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган 4 нафар фуқарога банклардан имтиёзли шартларда кредит олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди. Шунингдек, 5 киши сайёр қабул ташкилотчиларидан микротўлқинли печларни қабул қилиб олдилар.

Сўнг тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммо ва масалаларни баён қилишди. Чунончи, умумий овқатланиш шохобчаси эгаси, Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Фотима Пардабоева фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 200  миллион сўм кредит сўраган бўлса, туячилик ва йилқичилик соҳасида тадбиркорлик қилмоқчи бўлган, Дилором маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Убайдулла Тотлибоев 250 миллион сўм кредит ажратилишида ёрдам сўради.

Шунингдек, нотурар ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиш, корхоналарни электр ва газ тармоғига улаш, топширилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тўловларни ундириш, тадбиркорлик субъекти кадастр ҳужжатларни расмийлаштириш масалалари кўтарилди.

Ишбилармонлар томонидан билдирилган ҳар бир муаммога ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотларнинг масъуллари бириктирилиб, ҳал қилиш муддатлари қатъий белгиланди.

          

Text to speech