8 Ноябр 2021 йил 692

Ғолиблар тақдирланди

Жиззах шаҳрида репсублика Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари ўртасида қўл жанги бўйича республика чемпионати бўлиб ўтди. Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган мазкур мусобақа аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди. Нотиқ республикамизда спортни ривожлантириш, хусусан ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар салоҳиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, иштирокчиларга омадлар тилади.

Шундан сўнг қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари уюштирилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мусобақада таркибида 178 нафар спортчи бўлган 18 та жамоа қатнашди. Чемпионат 3 кун давом этди. Қизғин кечган беллашувларда 55 килограмм вазн тоифасида хоразмлик Бекзод Отажонов, 60, 65 ҳамда 70 килограмм вазн тоифаларида навоийлик Шаҳбоз Турсунов, Олимжон Нормуродов ва Аббос Қодировга омад кулиб боқди.

Шунингдек, 75 килограмм вазн тоифасида пойтахтлик Азизбек Исроилов, 80 килограмм вазн тоифасида наманганлик Жасур Солижонов, 85 килограмм вазн тоифасида яна бир пойтахтлик Улуғбек Низомиддинов, 90 килограмм вазн тоифасида Сардор Сатторқулов, 90 килограммдан юқори вазн тоифасида Бекзод Эшпўлатовларга тенг келадиганлар топилмади.

Умумжамоа натижаларига келадиган бўлсак, биринчи ўринни навоийликлар қўлга киритишди. Иккинчи ўрин пойтахтликларга, учинчи ўрин эса Бухоро ва Жиззах вилоятлари вакилларига насиб этди. Мусобақа якунида зафар қучган жамоаларга Ички ишлар вазирининг кубоклари топширилди. Худди шундай, юқори натижаларга эришганлар медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech