Талаба талабани чув туширди
Жиззах шаҳрининг Қассоблик маҳалласида жойлашган тижорат банки биноси олдида Жиззах политехника институти талабасига бир киши 10 минг сўмлик пулларини йириклатиб беришини сўраб жами бир миллион сўм беради. Талаба олган пулни санаганида 10 минг сўм кам чиқади. Нотаниш шахс берган пуллари ҳақиқатан ҳам камлигини тасдиқлайди ва ўша пулни беради.
У кетгандан сўнг жабрланувчи пулларни санаб кўрганда яна кам чиқади. Бироқ, бу сафар 300 минг сўм. Жиззах шаҳар ички ишлар органларига бу ҳақдаги мурожаат асосида олиб борилган қидирув тадбирида ушбу жиноятни Жиззах шаҳрининг Кимёгар маҳалласида истиқомат қилувчи шахс содир этгани маълум бўлди.
Дарвоқе, талабани чув туширган фуқаро ҳам аслида Тошкент шаҳридаги олийгоҳлардан бирининг 3- босқич талабаси. Қўзғатилган жиноят иши доирасида ўғирлик қилган шахсдан пуллар ҳужжатлаштириб олинган.