7 Декабр 2021 йил 642

Тантанали тадбир уюштирилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш уюштирилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ва соҳавий хизматлар вакиллари ҳамда фахрийлар иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш аввалида ИИВ фахрийлар кенгаши аъзоси, юридик фанлари доктори, истеъфодаги полковник Абдуғофир Саттаровнинг республикамиз Конституциясига бағишланган маърузаси тингланди. Нотиқ мамлакатимиз бош қонунининг яратилиши, асосий принциплари, юртимиз тараққиёти ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти тўғрисида атрофлича тўхталди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг 30 йиллиги муносабати чоп қилинган “Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари”, “Фахрийлар фахримиз” ҳамда “Ўзбекистон халқи хизматида” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, “Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари” китоби хизмат давомида ҳалок бўлган 170 нафар ички ишлар органлари ходимлари ҳақида. ИИВ Бирлашган таҳририяти жамоаси томонидан тайёрланган “Фахрийлар фахримиз” китобида эса жиноятчиликка қарши курашиш борасида юқори натижаларга эришган ва айни вақтда кексалик гаштини сураётган соҳа фахрийлари хусусида фикр юритилади.

“Ўзбекистон халқи хизматида” китобида ички ишлар органларининг тарихи, бугуни, тараққиёт босқичлари, соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи инсонлар қаламга олинган. Тақдимотда ИИВ академияси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, подполковник Қувончбек Қодиров, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқдилар. Улар адабиётнинг инсон камолотидаги ўрни тўғрисида мулоҳаза юритишди.

Йиғилиш давомида Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядининг 5 нафар ходими “Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядларига 15 йил” эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шунингдек, энг фаол ходимларга китоблар жамланмалари топширилди. Айни мазмундаги тадбир ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари иштирокида ҳам ташкил этилди. Мазкур йиғилишлар китоб ярмаркасига уланиб кетди.    

      

 

Text to speech