23 Май 2023 йил 497

Татаристон делегацияси Жиззахда бўлди

Жиззах шаҳрига иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидан делегация келди. Дастлаб Жиззах вилояти ҳокимлигида Татаристон ҳамда Жиззах вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, ёшлар ташкилотлари раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туманлари ҳокимлари иштирокида мулоқот ўтказилди. Мазкур жараёнда вилоят ҳокими Эргаш Салиев Жиззахнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, Россия Федерацияси билан биргаликда амалга оширилаётган саноат лойиҳалари ҳақида маълумот берди.   

Ўз навбатида делегация раҳбари — Татаристон Республикаси Раиси администрациясининг бошлиғи Асгат Сафаров ҳар иккала ҳудуд ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишга оид фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Шундан сўнг меҳмонлар Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида Япония, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия каби 12 та давлат вакиллари иштирокида белбоғли кураш бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионати беллашувларини томоша қилдилар.

Кейин меҳмонларга “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини бешлиги фаолияти мисолида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга кўмак кўрсатиш, бандликни таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган ишлар тақдимоти ўтказилди. Мулоқот давомида секторлар тизими ҳақида ҳам сўз юритилди.   

Шу куни меҳмонлар Жиззах вилояти ахборот-кутубхона марказида бўлишди. Бу ерда уларга мазкур зиё масканининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Табиийки, делегация аъзолари Қозон федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиалига бордилар. Татаристонлик меҳмонлар Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳудудида барпо этилган ёпиқ сузиш ҳавзасининг очилиш маросимида ҳам қатнашдилар. Татаристон делегацияси шу куни кечқурун Жиззах вилоятидан жўнаб кетди.     

Text to speech