9 Апрел 2022 йил 635

“Темур тузуклари билимдони” кўрик-танловида ёшлар ўзаро беллашди

Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида улуғ ҳукмдор ва саркарда Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан “Темур тузуклари билимдони” кўрик-танлови ва спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Кўрик-танлови қатнашчилари таништирув, “Темур тузуклари”, тезкор саволлар ва жавоблар ҳамда Амир Темур ҳаётини ифодаловчи видеороликлар шартлари бўйича билимларини намойиш қилдилар.

Танловда асосий эътибор “Темур тузуклари”нинг мазмун-моҳиятига қаратилди. Шу билан бирга улуғ ҳукмдорнинг ҳаёти, сиёсий фаолияти, у тузган улкан давлат, темурийлар, саркарда таъсирида қолдирилган илмий, маданий ва меъморий меъросга оид масала ва мавзулар ўқувчилар диққат марказида бўлди. Ёшлар ўртасида ушбу сана муносабати билан ҳарбий спорт мусобақалари ҳам ташкил қилинди. Бу жараёнда улар жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, граната улоқтириш, стол тенниси, тўсинда тортилиш бўйича куч синашдилар.

Мазкур тадбирлар айни вақтда ички ишлар органлари тизимида ўтказилаётган маънавият ойилиги доирасида “Ватанга хизмат қилиш – олий бурчимиз шиори” остида уюштирилган.  

Text to speech