Тергов бошқармаси масъуллари банк ходимларига семинар ўтказди
Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан жойларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари уюштирилмоқда. Худди шундай “Агробанк” АТБ Жиззах вилоят ҳудудий филиалида банк ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбир аввалида 2022 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган жиноятлар ҳақида маълумот берилди. Уларнинг содир этилишига имкон яратган шарт-шароитлар айтилиб, ҳар қандай қонунбузарлик учун жавобгарлик муқаррар эканлиги уқтирилди.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағларини мақсадсиз сарфлаш билан боғлиқ ҳолатлар учраб, мазкур жиноятларга айрим банк ходимларининг ҳам алоқадорлиги айтилди. Қайд этилишича, бундай турдаги жиноятлар юзага келишига имкон берган шарт-шароитлардан бири банк ходимлари томонидан кредит ажратиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тўлиқ жамланмаслиги, кредит олувчиларни кредит қайтариш имконияти етарлича текширилмаслиги сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Тадбир давомида кибержиноятчилик ва унинг турлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бундан ташқари, ҳар бир ходим белгиланган қоида асосида фаолият юритиши, зарур ҳужжатлар асосида амалиётга киришиш зарурлиги тушунтирилди. Иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.