Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг байрам табриги
Қадрли шифокорлар, азиз ҳамкасблар!
Барчангизни бугунги Тиббиёт ходимлари куни билан қутлар эканман, ички
ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари ҳамда уларнинг оила аъзолари
саломатлигини асраш борасидаги фидокорона меҳнатингизни юксак қадрлашимизни
билдирмоқчиман. Сизлар нафақат муолажа ва дори-дармонлар, балки ширин сўзингиз
билан дардларга малҳам бўлмоқдасизлар. Шахсий таркиб тиббий маданиятини ошириш
борасидаги фаолиятингиз ҳам эътирофга лойиқ. Қолаверса, пандемия даврида
кўрсатган ирода ва матонатингизни унутганимиз йўқ.
Яна шуниси аниқки, Жиззах вилояти ИИБ тиббиёт бўлимининг моддий-техник
имкониятлари йилдан йилга кучаймоқда. Жумладан, бўлим таркибида госпиталь,
поликлиника, санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда ҳарбий-тиббий
комиссия мавжуд. Бугун мамлакатимизда кечаётган ўзгаришларга уйғун тарзда тиббиёт
бўлими шифокорлари ихтиёридаги замонавий ташхис ва даволаш ускуналари сони 200
тадан ортганлигини ҳам қайд этмоқчиман.
Шунингдек, вилоят ички ишлар органлари ходимлари тиббиёт бўлимининг жарроҳ,
терапевт, невропотолог, окулист, ЛОР, дерматовенеролог, стоматолог, педиатр,
офтальмолог, функционал диагност, гинеколог, рентгенолог, биокимёвий
лаборатория санитария ҳамда умумий амалиёт шифокорлари хизматидан
фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, бўлим ва госпиталь
жойлашган бино капитал таъмирдан чиқарилди.
Яқин келажакда тиббиёт бўлими ҳудудида 4 қаватли бино қуриш
режалаштирилган. Янги бинода лаборатория мажмуаси, бактериологик лаборатория,
ташхис маркази, тиббий асбобларни зарарсизлантириш хонаси, ҳарбий тиббий
комиссия ва маърифат зали бўлиши кўзда тутилган.
Қадрли шифокорлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт
ходимлари!
Сизларни Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан яна бир бор қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлик, узоқ ва сермазмун умр, оилавий хотиржамлик ҳамда ички ишлар органлари ходимлари саломатлигини асрашга қаратилган шарафли хизматларингизда улкан муваффақиятлар тилаб қоламан!