“Тинчлик” маҳалласи обод масканга айланади
Жиззах вилояти ички
ишлар бошқармаси бошлиғи аҳоли муаммоларига ечим топиш, ҳудудларни
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида жойларда аҳоли ва масъуллар билан
мулоқот қилмоқда. Хусусан, 3- сектор раҳбари Зафаробод тумани “Тинчлик”
маҳалласида бўлиб, аҳоли пунктида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла”
дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши билан танишди.
Туман
мутасаддилари билан бирга аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш,
инфратузилмани янада яхшилаш бўйича режаланган ва шу асосида олиб борилаётган
ишлар муҳокама қилинди. Эҳтиёжманд оилаларга зарур ёрдам кўрсатиш, темир-бетон
устунлар ҳамда трансформаторлар ўрнатиш, электр тармоғи тортиш, кўчаларни
шағаллаштириш, сизот сувлари чиқиб кетиши учун ариқлар қазиш, пиёдалар
йўлаклари қуриш ишларини жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди. Шу билан бирга
болалар ва спорт майдонлари барпо этиш бўйича масъулларга вазифалар юкланди.
Кўча юзасидаги
ноқонуний қурилмаларни бузиш, аҳоли хонадонларида зарур турмуш шароитини юзага
келтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Манзарали ва мевали дарахт
кўчатлари ўтқазиш, ободлик ишларида аҳоли иштирокини ошириш бўйича ҳам
кўрсатмалар берилди.
Таъкидлаш жоиз,
700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган маҳалладаги ободлик ишлари Наврўз
умумхалқ байрами арафасида якунланиши кўзда тутилган. Ушбу ишлар натижасида
ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиб обод масканга айлантирилади.