1 Март 2022 йил 615

Уч авлод вакиллари учрашганда...

Жиззах политехника институтида ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлар иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Жиззах вилояти ИИБ, соҳавий хизматлар, шаҳар ва туманлар ИИБлари, ИИВ ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти 3- минтақавий ҳудуд муассасалари вакиллари, ИИВ академиясининг вилоятда амалиёт ўтаётган курсантлари ҳамда фахрийлар иштирокида уюштирилган тадбирда ИИВ фахрийси, истеъфодаги генерал-майор Тельман Муродходжаев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев, учинчи минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, подполковник Обиджон Шерқулов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Нозим Махамматов ва бошқалар сўзга чиқдилар. Улар мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан соҳага оид қонунларни мукаммаллаштириш, ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича тўхталдилар.

Учрашув давомида истеъфодаги генерал-майор Тельман Муродходжаевнинг ҳаёти ва хизмат фаолияти акс этган “Осойишталик ортидаги тиканли йўл” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Шунингдек, йиғилишда фахрийлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.  Бундан ташқари жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш юзасидан белгиланаётган чора-тадбирлар тилга олинди. Хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш  масаласи ҳам йиғилганлар диққат марказида бўлди ва соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган айрим камчилик ҳамда нуқсонлар танқид остига олинди.

Ходимлар халққа садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилишга, билдирилган ишончга муносиб бўлиш ҳамда билим ва тажрибаларини мунтазам оширишга чақирилди. Ўз навбатида ҳар жиҳатдан ҳамкасбларига ибрат бўлаётган бир қатор соҳавий хизматлар ходимларига ташаккурномалар топширилди. 

Ана шундай учрашув вилоят ички ишлар бошқармасида ҳам бўлиб ўтди. ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари иштирокида уюштирилган тадбирда генерал-майор Тельман Муродходжаев мамлакатимизда ёшларнинг билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва уларни иш билан таъминлаш бўйича белгиланаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, ИИВ академик лицейларида таълим сифатини ошириш мақсадида қилинаётган ишлар тилга олинди. Тадбир якунида фаол ўқитувчилар ва ўқувчиларга ташаккурномалар ва бадиий адабиётлар топширилди.

Text to speech