Учинчи чорак ўқуви бошланди
Бу йилги қиш фаслининг аввалги йилларга нисбатан совуқроқ келиши таълим муассасаларида учинчи чорак ўқувлари одатдагидан кечроқ бошланишига сабаб бўлди. Бугундан, яъни 23 январь санасидан вилоятимиздаги кўплаб таълим муассасалари қатори Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ҳам машғулотлар белгиланган дарс жадвали асосида бошланди.
Қайд этиш жоиз, ўқув биноси ўтган йили тўлиқ таъмирланиб, ўқувчиларнинг билим олиши учун барча қулайликлар юзага келтирилган. Шинам ва ёруғ синфхоналар замонавий ўқув жиҳозлар билан таъминланган. Иситиш тизими ҳам янгиланиб, дарс машғулотларида ўқувчиларнинг эркин қатнашиш имкони яратилган. Буни бугунги дарс жараёнлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Янгидан қурилиб, ўқув йили бошида фойдаланишга топширилган ўқувчилар ётоқхонаси ҳамда ошхонада ҳам иситиш тизимини барқарор ишлаши учун барча чоралар кўрилмоқда. Қисқаси, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ёшларнинг таълим олиши учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров лицейда бўлиб, бино ва синфхоналар ҳамда ўқувчилар ётоқхонасини иситиш жараёнларини кўздан кечирди. Иссиқликни бир меъёрда ушлаб туриш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.