Учинчи сектор раҳбари аҳоли ва ёшлар билан мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфартузилмани яхшилаш ва томорқадан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода иссиқхона қуриш истагида бўлганларга ёрдам кўрсатилаяпти. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров Шароф Рашидов туманида ўтказган сайёр қабул аввалида ҳудудда айни йўналишдаги ишлар билан танишди. Хусусан, Туёқли маҳалласининг иссиқхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган фуқаролари билан суҳбатлашди. Маҳсулот етиштириш, кўчатлар парвариши, хонадон аъзоларининг бандлиги масалаларини ўрганди.
Сектор раҳбари Қораянтоқ маҳалласидаги яшаш хонадонида ташкил этилган пойафзал ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти ҳам кўздан кечирди. Маҳсулот сифати, турлари, ишлаб чиқариш ва сотуви билан қизиқиб, фаолиятни янада ривожлантириш бўйича таклифларини билдирди. Шу ерда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари билан мулоқот қилинди. Уларга илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Таъкидлаш жоиз, мамлакактимиз раҳбарининг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ёшлар етакчилари зиммасига ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш каби муҳим вазифалар юклатилган. Қораянтоқ маҳалласидаги 35- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтган “Ёшлар фестивали” мисолида бунинг амалий натижасини кўриш мумкин. 3- сектор билан ҳамкорликдаги тадбир давомида 4 та маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг шахмат, стол тенниси, мини футбол турларидан мусобақалар, китобхонлик беллашувлари, китоб ярмаркаси, ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси уюштирилди. Сектор раҳбари туман ҳокими ва фаоллар билан ҳамкорликда тадбир иштирокчиларининг тасвирий санъат ва тадбиркорлик, ишлаб чиқариш соҳасидаги кўргазмалари билан танишди.
Қайд этилишича, ҳудуд ёшлари спортнинг стол теннис ҳамда волейбол турлари бўйича Республика миқёсида, шаҳматдан эса вилоятда илғорликни қўлдан бермай келаяпти.
Фестивалда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ. Қодиров ва туман ҳокими М. Холбўтаевлар амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар ёшларнинг миллий қадриятларимизга эҳтиром, ватанга муносиб комил инсон бўлиб етишишлари, нафақат юртимизда, балки жаҳон миқёсида ютуқларга эришишларига имкониятлар яратишини таъкидлашди. Шунингдек, маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол иштирок этган, беш муҳим ташаббус доирасидаги беллашув ҳамда спорт мусобақаларида ғолиб бўлган истеъдодли ва интилувчан ҳамда спортчи ёшлар фахрий ёрлиқ, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шу куни 10 нафар ёшларга олий таълим учун шартнома пуллари тўланганлиги ҳақидаги сертификатлар, ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида бир нафар аёлга тикув мошинкаси, 16 ёшга тўлган 4 нафар ёшларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар топширилди. Фествиалда мактабгача таълим муассаса тарбияланувчилари ҳамда ўрта умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Шундан сўнг сектор раҳбари 30- ўрта умумтаълим мактабида фуқаролар билан мулоқот қилди.
Сайёр қабулда Файзиобод, Қораянтоқ, Бобур, Оқтош ота, Туёқли маҳаллалари аҳолиси мавжуд муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, ичимлик суви қувурларини янгилаш, сув насосларини алмаштириш, саломатлигини тиклаш, тадбиркорлик фаолияти учун кредит маблағи олиш, яроқсиз электр устунларини алмаштириш, йўлларни таъмирлаш, кўчаларга шағал ётқизиш ва асфальт қилиш, мактаб биноси қурилиши, ишга жойлашиш, табиий газ тармоғига уланиш каби масалалар баён қилинди.
Кўтарилган ҳар бир масалага ечим топиш нуқтаи назаридан мутасадди ташкилотлар масъулларига вазифалар юклатилди. Мулоқот давомида фуқаролар 3- сектор томонидан амалга оширилган ишлар, юзага келтирилган қулайликларни ҳам эътироф этишди.
Сектор раҳбарининг аҳоли билан мулоқотида кўчага шағал ётқизиш бўйича билдирилган масалаларни жойида ҳал этилишига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, ёғингарчилик оқибатидан Жиззах сув омборига кириш каналидан сув тошиб кетиши ҳолатига барҳам бериш мақсадида олиб борилаётган қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари жонлантирилди.
Хуллас, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Шароф Рашидов туманида аҳоли, хусусан ёшлар билан мулоқоти самарали кечди. Шу қаторда кўплаб масалаларни баратараф қилиш, ҳудуд инфартузилмасини, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга оид чоралар белгилиб олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати