9 Декабр 2022 йил 462

Учинчи сектор раҳбари янгиободликлар билан очиқ мулоқот

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Янгиобод тумани Дўстлик маҳалласи аҳолиси ва ёшлари билан учрашди.

Янгиобод шаҳарчаси ҳудудидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтган сайёр қабулида туман сектор раҳбарлари, тегишли вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди. Дастлаб 3 нафар эҳтиёжманд фуқарога иситиш печлари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 4 нафар шахсга ID karta, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 5 нафар ёшларга моддий ёрдам ва олий таълим учун шартнома тўловлари ўтказилганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди. Шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалари тақдирланди.

Сектор раҳбари билан мулоқотда аҳоли ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, саломатлигини тиклаш, жарроҳлик амалиёти, кредит маблағи ажратилиши, моддий ёрдам, шартнома пулини тўлаш, эски мактабгача таълим ташкилоти биносини таъмирлаш, йўлни асфальт қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш каби масалалар баён этилди. Шу билан бирга туман халқ таълими бўлимига бино ажратиш, йўл қурилиши корхонасини махсус техникалар билан таъминлаш бўйича мурожаатлар масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, ижроси бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.

3- сектор раҳбарининг Янгиобод туманида ўтказган сайёр қабулида 20 га яқин масала кўтарилиб, мазкур муаммоларга мутасаддилар эътибори қаратилди. Тадбир давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, масалаларни жойида ечиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди.

Text to speech