2 Феврал 2022 йил 551

Ҳудудларда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси “Ҳуқуқий-психологик ёрдам ва реаблитация этиш сайёр автобуси”га бириктирилган масъул ходимлар Пахтакор туманидаги “Нурли пангат” маҳалласида профилактик тадбир уюштиришди.

Тадбирда маҳалла фуқаролари туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, оғир ижтимоий-психологик ёрдамга муҳтож, профилактик ҳисобда турган, муқаддам жиноят содир этган шахслар, ёшлар ва вояга етмаганлар билан суҳбатлар олиб борилди.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг тиббий билим ва маданиятни ошириш, касалликларни илк даврида аниқлаш ва даволаш чораларини кўришга қаратилган тадбирда ҳар бир мурожаатчининг саломатлиги кўздан кечирилди. Чуқурлаштирилган кўрикда шифокорлар томонидан касалликларни даволаш ва саломатликка эътибор қаратиш юзасидан зарур тиббий тавсиялар берилди.

Тадбир давомида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқий-психологик ёрдам ва реаблитация этиш сайёр автобусида хотин-қизлар билан суҳбатлар олиб борилди. Мулоқот чоғида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари тингланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Шу билан бирга ҳуқуқий-психологик ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, маҳалланинг эҳтиёжманд оилалари, узоқ йиллар давомида келишмовчилиги мавжуд бўлган фуқароларнинг масалалари хонадонларга борилган ҳолда ўрганилди. Маҳалла фаоллари ҳамда ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун кредит маблағи олиш, иш билан таъминлаш, уй-жой билан боғлиқ ҳамда моддий ёрдам каби масалаларда амалий кўмак сўраган хотин-қизларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўзини-ўзи банд қилиш, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу куни Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиқлари 14- ўрта умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар билан танишишди. Педагоглар билан бугунги карантин талаблари кучайтирилган шароитда масофадан дарс ўтилиши, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ва баҳолаш мезонлари ҳақида суҳбатлашилди. Бинони иситишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши кўздан кечирилди. Фуқароларга ис гази билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар маълум қилиниб, огоҳ ва хушёр бўлишлари кераклиги уқтирилди.

Хуллас, вилоят ҳудудида эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш тарзини ўрганиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган бу каби тадбирлар давом этмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech