2 Феврал 2022 йил 554

Ҳудудлардаги муаммолар сектор раҳбари эътиборида бўлди

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфртузилмани яхшилаш борасида жойларда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўчаларни таъмирлаш, шағал ётқизиш ва асфальт қилиш ишлари жадал олиб борилаяпти. Шу қаторда эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланиб, янги иш ўринлари яратиш чоралари кўрилмоқда.

Айни кунларда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи жойларда ушбу ишларнинг бориши билан танишаяпти. Шароф Рашидов туманидаги шундай ишларни кўздан кечирган 3- сектор раҳбари ҳоким ёрдамчиси ва туман масъуллари билан биргаликда “Оқтош ота” маҳалласи Сувлисой кўчасида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оила Феруза Омонтурдиеванинг яшаш шароитини ўрганди. Хонадонни табиий газга улаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Худди шундай, маҳалладаги улуғ ёшли инсонлар ҳолидан ҳам хабар олинди. Уларнинг муаммолари тингланиб, зарур ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.

Ғаллаорол туманидаги “Қипчоқсув” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудуди жорий йилда “Обод кишлоқ” дастури асосида обод қилинади. Ҳозирда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, Хитаюз қишлоғининг 4 километр ички йўлларга шағал ётқизиш ишлари бажарилаяпти. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу ишларнинг бориши билан ҳам танишди ва қишлоқ оқсоқоллари билан суҳбатда мавжуд муаммолари ўрганилди.

Толлисой қишлоғидаги 13- ўрта умумтаълим мактабининг эски биносида мактабгача таълим ташкилоти ҳамда хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилади. Бухоролик тадбиркорнинг таъкидлашича, лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган 200 миллион сўм кредит маблағи тижорат банки томонидан берилмаяпти. Ушбу масала атрофлича ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши айтилди. Шунингдек, эски маҳалла биноси ўрнида янги бино қуриладиган, ҳозирда яроқсиз ҳолга келган туман тиббиёт бирлашмасининг Солин даволаш бўлими биноси таъмирланиб, замонавий тиббиёт масканига айлантириладиган бўлди.

Бошқарма бошлиғи 39- ўрта умумтаълим мактаби биносининг бир қисмида жойлашган мактабгача таълим ташкилоти шароитлари билан ҳам танишди. 200 ўринли муассасанинг иситиш тизими ва машғулот хоналари кўздан кечирилиб, болаларга хорижий тилларни ўргатиш бўйича тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, ҳудуддаги деҳқон бозоридаги шароит ҳам кўздан кечирилиб, бозорини аҳолига қулай жойга кўчириш ва замонавий типда бозор қуриш, ҳар бир қишлоқ кўчаларида чиқинди тўплаш жойларини барпо этиш бўйича масъулларга вазифалар юкланди. Шу ерда ҳоким ёрдамчиси ва туман 3- сектор раҳбарига “Обод қишлоқ” дастури доирасида бажариладиган ишларни жадаллаштириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш, инфартузилмани яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бахмал туманида ҳам бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш имкониятлари билан танишди. Хусусан, чорвачилик, асаларичилик, қурилиш метриллари ишлаб чиқариш каби қатор лойиҳаларни янада кенгайтириш, гўшт ва сут ҳамда асал етиштириш кўламини ошириш бўйича таклифларини билдирди. Бу жараёнда ёшларга юртимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятларни тушунтириш зарурлиги уқтирилди.

Туман 3- сектор раҳбари, ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла фаолларига ҳудуд шароитидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech