14 Январ 2025 йил 1078

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли фахрийлар, ҳарбий хизматчилар, қадрли ҳамкасблар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари!

Барчангизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳеч кимга сир эмаски, Ватаннинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоялаш асл фарзандлар иши, тақдиридир. Бу касб эгалари туфайли ҳаётимиз осуда, турмушимиз фаровон, иқтисодиётимиз изчил тараққий этаяпти, Ўзбекистон номи жаҳон узра баралла янграмоқда.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқ ва марраларимизда Қуролли Кучларимиз ва уларнинг сафларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган минг-минглаб ҳарбийларимизнинг муносиб ҳиссаси бор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”.

Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ Миллий Армиямизни ҳар жиҳатдан кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги йилларда бу жараён янада кенгроқ кўлам касб этгани ҳам бор гап. Зеро бугунги геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ҳаддан зиёд кучайган даврда ҳар бир мамлакатнинг мудофаа қудрати мустақиллик ва тинчликнинг биринчи даражали шартига айланди.

Яна шуниси аниқки, замонавий техника, қурол ва аслаҳалар билан таъминлаш ҳамда аскар ва офицерларнинг интеллектуал ва жанговар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган кўламли чора-тадбирлар натижаси ўлароқ Ватанимиз суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир қўшинларга эга бўлдик. Бинобарин, яқинда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари дунё армиялари рейтингида бир йил ичида 7 поғона юқорилаб, 145 мамлакат орасида 58- ўринни эгаллагани эътироф этилди. 

Кези келганда айтиш керак, асосий фаолияти халқ осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш бўлган ички ишлар органлари Ватан ҳимоясида Миллий Армиямизга ҳамиша елкадош бўлган. Чунончи, энг мураккаб вазиятларда чегараларни қўриқлаш ҳамда юртимиз сарҳадларини бузиб ўтишга уринган жиноий тўдаларга қарши курашишда соҳа вакиллари фидойилик намуналарини кўрсата олдилар. Шу маънода, ҳар йили Ватан ҳимоячилари кунида Президентимиз фармони асосида кўплаб ички ишлар органлари ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланади.

Қадрли дўстлар!

Мана шундай қутлуғ айёмда барчангизни халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган фидойи ходимларимизни ёдга олишга ундайман. Уларни ҳеч қачон унутмаймиз, яқинлари эса ҳамиша эътиборимизда бўлади.

Азиз ҳамкасблар, ҳурматли фахрийлар!

Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

 

Text to speech