31 Июл 2023 йил 557

Умидни узманг...

Бу воқеа 2008 йилда юз берган. Ўғлим Жавоҳир 7 ёшида чўмилишга бориб, “Кўзим оғрияпти”, дея қайтди. Кўзини тинмай қўли билан ишқар, азобдан йиғларди. Кейин қароқлари йиринглаб, иситмаси кўтарилди.  Жиззах шаҳридаги кўз касалликлари шифохонасига олиб бордик, аммо бу ерда ўғлимга ёрдам қила олишмади.

Кейин Тошкент шаҳридаги шифокорларга кўрсатдик. Кўзига инфекция тушган экан. Икки марта операция қилишди, болам роса азобланди. Сўнг кўз олмасини олиб ташлашни таклиф қилишди. Қисқаси, даволай олишмагач, хусусий клиникага боришни маслаҳат бердилар. Айтилган жойга бордик, шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун 60 миллион сўм сўрашди. Бу ҳам етмаганидек операциянинг яхши чиқишига 30 фоиз кафолат беришди.

Қўл калталик қурсин, бунча пулимиз йўқ эди. Жавоҳирим қийналганлигини кўриб, юрагим эзиларди. Кўп ўтмай унинг бир кўзини қип-қизил гўшт қоплади. Болам нафақат оғриқлардан, балки кўриниши сабаб эзиларди. Ана шу нуқсони боис одамлардан қочар, ҳеч қаерга бормасди.

Ёрдам сўрамаган жойим қолмади, имкониятим йўқлигидан, ҳаётнинг шафқатсизлигидан юрагим ёнарди. Болам улғайди. Жиззах шаҳридаги тиббиёт техникумига ўқишга кирди. Юртимизда Президент ўзгаргач, жуда кўп нарса янгиланди. Хаёлимда энди болам тузалиб кетадигандек эди. Ана шундай кунлардан бирида маҳалламизда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи сайёр қабул ўтказганлиги ва жуда кўп масалалар ҳал бўлганлигини эшитдим.

Шу боис у кишининг шахсий қабулига бордим. Боламнинг аҳволини тушунтирдим. Ғайрат Қодиров: “Умидни узманг, ҳозир замонавий ускуналар кўпайиб кетган, шифо топиб кетар, ёрдам берамиз, аниқ ташхис қўйдириб, харажати қанча бўлишини билиб келинг”, деди. Ана шу гапдан кўп ўтмай маҳалламизда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Менинг ўғлимни ҳам текшириб, вилоят кўз касалликлари шифохонасига ордер беришди.

У ерда боламни пойтахтга олиб боришни тавсия қилдилар. Хуллас, пойтахтдаги хусусий клиникага олиб бордик. У ерда Дилшод Камолович исмли шифокор ўғлимни текширувдан ўтказиб, боламнинг кўриш қобилияти тикланмаслиги, инфекция унинг қароқларидаги томирларни еб битирганлигини, лекин босган этни олиб ташлаб, кўзларини одатий кўринишга келтириш мумкинлигини айтди. Операция учун 13 миллион сўм керак бўлар экан.

Мен вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини қайта безовта қилишга ботина олмадим. Бошқа йўли чиқиб қолар, деган умидда яна бир неча ташкилотга бордим. Нотўғри қилган эканман.

Бир куни маҳалладошим эшигимни тақиллатиб қолди. Генерал Қодиров шаҳарчамизга келиб, фуқаролар билан мулоқот ўтказаётганлиги, мени сўраётганлини билдирди. Бордим, у киши нима учун қабулига бормаганлигим сабаби билан қизиқиб, ўғлимнинг аҳволини сўради. Эсидан чиқариб юбормаган экан. Вазиятимни баён қилдим...

Орадан бир неча кун ўтди, айни ҳайит арафаси эди. Дарвозам яна тақиллади, чиқсам, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи турибди, ёнида бир неча ҳамкасблари. Ўғлим уйда эди, у билан суҳбатлашди, саломатлик тилади, кейин қўлимга 13 миллион сўм тутқазди. Кўзларимни дув ёш тўлдирди.  

Операция яхши ўтди. Ўғлим жуда ҳам кўркам йигит, кўзидаги камчиликкина чиройига соя солиб турарди. Энди унинг ҳаёти ўзгариб кетди, тортинишлари йўқолди, хурсанд. Мен эса намозларимда Ғайрат Қодировга яхшиликлар тилайман. Элимизда шундай раҳбарлар кўпаяверсин. У кишидан Аллоҳ рози бўлсин.

 

Бувсара АБДУҒАФФОРОВА,

Жиззах вилояти Зафаробод тумани

Писталикент шаҳарча фуқаролар йиғини.

 

Text to speech