Ўрганиш натижалари муҳокамада
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари вакиллари томонидан шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимларининг жорий йил январь-февраль ойларидаги фаолияти ўрганиб чиқилди. Айни кунларда ана шу ўрганиш натижалари муҳокама қилинмоқда. Мавзуни Пахтакор ва Зарбдор туманлари ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби иштирокида бўлиб ўтган йиғилишлар тафсилотлари билан давом эттирамиз.
Пахтакор туманида бўлиб ўтган йиғилишни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди. Тадбирда бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари ва ўринбосарлари томонидан тезкор-қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тергов, ҳуқуқий-статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар йўналишларида аниқланган камчиликлар санаб ўтилди.
Хусусан, ўтмиш жиноятларини фош этиш, очилмай қолаётган жиноятлар, қидирувдаги шахсларни қўлга олиш, одам савдоси қурбонлари ҳамда тазйиқ ва зўравонлик остида қолган хотин-қизларни аниқлаш, профилактик ҳисобда турганлар, пробация хизмати назорати остида бўлган шахслар, гиёҳвандлар, ичкиликбозлар, оилавий жанжалкашлар, йўл ҳаракати қоидаларини бузувчилар билан ишлашда йўл қўйилган нуқсонлар таҳлил этилди. Шунингдек, иш ҳужжатларини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ташаббус билан жиноятлар очиш борасидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Айни мазмундаги йиғилиш Забдор тумани ички ишлар бўлими шахсий таркиби иштирокида бўлиб ўтди. Ушбу тадбир аввалида вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ижро интизомини таъминлаш, ҳужжатларни юритиш, “қизил” ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш, шахсий таркибнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш масалаларига тўхталди. Шундан сўнг соҳавий хизматлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар кўриб чиқилди.
Энди ҳар иккала йиғилишнинг умумий жиҳатларига тўхталиб ўтсак: тадбирлар танқидий руҳда ўтди. Муаммолар ва нусонларнинг сабаб ва омиллари таҳлил этилиб, қониқарсиз фаолият юритаётганлар қатъий огоҳлантирилди. Аниқланган камчиликларни йилнинг биринчи чораги якунига қадар тўлиқ бартараф этиш топшириғи берилди. Хизмат интизоми ва қонунийлик, ишга масъулият билан ёндашиш, билим ва малакаларни оширишга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди. Асосий эътибор эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни фош қилишга қаратилди.