8 Май 2023 йил 614

Уруш фахрийси йўқланди

Мамлакатимизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан турли тадбирлар уюштирилаяпти. Фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, ўтганлар ёд этилмоқда. Зомин тумани Обиҳёт қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эмин Ярлақабов хонадони ҳам ҳар қачонгидан гавжум.

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари билан бирга 98 ёшли уруш фахрийси хонадонига ташриф буюрди. Мазкур жараёнда бошқарма бошлиғи Эмин отага Президентимизнинг қутлуғ айём муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва мамлакатимиз раҳбарининг совғалари ҳамда 18 миллион сўм пул мукофотини топширди.

Дарҳақиқат, қирғинбарот урушдан сўнг она тупроғига қайтган Эмин ота тумандаги Пахтаобод, Наримонов ҳамда Зомин хўжаликларида табелчи, омбор мудири вазифаларда меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи Иқлимой она билан 8 фарзандни тарбиялаб вояга етказди.

Тадбир давомида бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, ҳеч қачон уруш бўлмаслиги учун дуо қилинди. Ҳарбий оркестр томонидан куйлар ижро этилди.

Ҳақиқатан бугун аждодларни, уларнинг юрт тинчлиги ва ободлиги йўлида қилган хайрли амалларини ёд этмоқ, кексаларни, фахрийларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш том маънода миллий қадриятимизга айланди. Зеро, инсон – ҳаёт гултожи, унинг қадри, ҳурмати эъзозга лойиқ.

Text to speech