2 Феврал 2024 йил 794

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг фаолияти таҳлил қилинди

          Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Мирзабек Рўзиқулов маъруза қилди.

Таъкидланишича, мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари ва бошқа масъуллар томонидан “ҳуқуқбузарликлар оқибати билан курашиш эмас, балки, уларнинг барвақт олдини олиш” тамойили асосида иш олиб борилди. Фуқаролар тинчлиги ва осойишталиги, хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган ушбу ҳамкорликдаги тадбирлар ижобий натижага эришишда муҳим омил бўлди.

Йиғилишда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида амалга оширилган ишлар ва йил давомида содир этилган жиноятлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, айрим идора ва ташкилотлар ўзларига юклатилган вазифага етарли даражада эътибор қаратишмаётгани танқид қилинди.

Мажлис давомида вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ва келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.


Text to speech