Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда
Жиззах шаҳрида ўқувчиларнинг қишки таътил кунлари мароқли ўтишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда қатор тадбирлар уюштирилаяпти. Хусусан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази, шаҳар ички ишлар бошқармаси ва шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигида спорт мусобақалари, китобхонлик беллашувлари ташкил қилинаяпти. 29- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтган ана шундай тадбирларга юзга яқин вояга етмаганлар қамраб олинди. Иштирокчилар спортнинг футбол, шахмат ва шашка турлари бўйича беллашиб, китобхонлик ҳамда заковат ўйинларида билимларини намоён этишди.
Бундан ташқари, вояга етмаганлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилаяпти. Чунончи, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар томонидан аҳоли гавжум жойлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар ҳамда бозорларда рейдлар уюштирилмоқда. Шунингдек, ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган ўрта умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг яшаш уйларига борилиб, ота-оналари билан суҳбатлашилди. Ўсмирнинг қизиқишлари асосида уларни фан ва спорт тўгаракларига жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тунги вақтларда эса компьютер ўйинлари масканлари кўздан кечирилаётир. Ўрганишлар давомида кафе, бар, тунги клуб ҳамда компьютер марказлари раҳбарларига белгиланган вақтдан кейин вояга етмаганларни қўймаслик бўйича тушунтиришлар олиб борилди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бемақсад юрган вояга етмаганлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилаяпти.
Хуллас, Жиззах шаҳрида вояга етмаганларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш орқали содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олиш, ўнаётган авлоднинг ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровисиз қолдирмаслик чоралари кўрилмоқда.