Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашининг йиғилиши ўтказилди
Жиззах вилояти прокуратурасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда жорий йилнинг биринчи чорагида ички ишлар ҳамда прокуратура органларига қилинган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши муҳокама этилди.
Вилоят ички ишлар органлари, прокуратура ва адлия бошқармасининг раҳбар ва масъуллари иштирокида ўтган йиғилишни вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев бошқариб борди. Муҳокамада дастлаб ички ишлар органларига қилинган мурожаатлар юзасидан амалга оширилган тадбирларга эътибор қаратилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида 5 минг 315 та хабар ва аризалар келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг 100 тасига асосан жиноят иши қўзғатилган. 1 минг 240 таси бўйича ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлимлари томонидан текширув ўтказилмоқда. 206 таси текшириш ҳужжатларига, 55 таси жиноят ишларига бирлаштирилган.
Йиғилишда прокуратура органларининг мурожаатлар билан ишлашга оид фаолияти ҳам таҳлил этилди. Худди шундай, бу йўналишда назоратни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур жараёнда ҳар иккала тизим масъуллари томонидан бир қатор камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилганлиги билдирилиб, улар танқид остига олинди ва қатъий огоҳлантирилди.
Шу мақсадда ҳамкорликни кучайтириш, ариза ва шикоятларга оид ҳуқуқий қарорларни қабул қилишдан олдин уларни ҳуқуқий текширувдан ўтказиш, бу йўналишдаги назоратни кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Кўтарилган масалалар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидовлар сўзга чиқишди.
Шундан сўнг республикамиз раҳбарининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлашга оид масала кўриб чиқилди. Ушбу йиғилишда прокуратура, ички ишлар органлари ходимлари билан бирга қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ўрмон хўжалиги, кадастр, агроинспекция каби ер майдонларига алоқадор ташкилотлар вакиллари ҳамда ҳоким ёрдамчилари қатнашдилар.
Тадбирда дастлаб ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш ва фойдаланиш, талон-тарож қилиш каби қонунбузарликлар ҳақида маълумотлар келтирилди. 2021 йилда вилоятда 102 гектар ер майдони талон-тарож қилинган. Жорий йилнинг 1- чорагида эса 72 гектар ер майдонини сотиш, 299 гектар ер майдонидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олиш ва турар жойлар қуриш ҳолатлари ҳам кўпайган.
Ҳокимликлар ҳузуридаги ер ажратиш масалаларини кўриб чиқиш комиссиялари мансабдорлари томонидан ваколатни суиистеъмол қилиб, ерларни аукцион савдоларисиз бериб юбориш ҳолатлари ҳам учраяпти. Шу сабабли прокуратура ва ички ишлар органларининг тегишли бўлимлари ходимларига бу турдаги жиноятларга қарши курашиш, шунингдек масъул ташкилотлар билан биргаликда мазкур йўналишдаги қонунбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш, назоратни кучайтириш топшириғи берилди. Йиғилишда ер участкаларини белгиланган муддатларда хатловдан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама этилди.