Ўқувчиларга Президент совғаси топширилди
Жиззах вилояти Зомин
тумани Гулистон МФЙдаги 30- сонли ўрта умумтаълим мактабида янги ўқув йилининг
бошланиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мактаб педагогик жамоаси,
ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари
иштирок этишди. “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида бўлиб ўтган
маросимда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқалар
сўзга чиқишиб, мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар,
ёшларга қаратилаётган эътибор ҳамда уларнинг эл-юрт олдидаги масъулияти
хусусида тўхталдилар. Шунингдек, мактаблар
инфратузилмасини яхшилаш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, замонавий таълим жараёнини ташкил этиш ва таълим сифатини янада яхшилаш
галдаги энг муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.
Ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаётган ўнаётган авлод вакиллари ушбу илм
масканида устозларидан фан сирларини қунт билан ўрганишларига ишонч билдирилди.
Тадбир давомида мактабнинг
1- синфига қабул қилинган 46 нафар болаларга ўқув қуролларидан иборат президент
совғалари топширилди. Бундан ташқари мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган
бадиий дастур намойиш этилди. Тадбир якунида янги ўқув йилининг илк қўнғироғи
янграб, ўқувчилар синфхоналарга йўл олишди. Сўнг бошланғич синфларда “Янги
Ўзбекистон – Ватаним маним” ҳамда юқори синфларда “Янги ҳаёт учун, янги
Ўзбекистон учун” мавзуларида Мустақиллик дарслари ўтилди. Машғулотларда
ўқувчиларнинг мустақиллик, давлат ва унинг рамзлари, Конституция ва қонунлар, истиқлол
давридаги бунёдкорлик ҳамда эришилган ютуқлар ҳақида маълумотлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати