14 Январ 2023 йил 1086

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг байрам табриги

Ҳурматли фахрийлар, ҳарбий хизматчилар, қадрли ҳамкасблар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари!

Ўз ҳаётини она Ватанимизни ҳимоя қилишдек улуғ ва олийжаноб ишга бағишлаган Сиз азизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мана шундай қутлуғ айёмда жонажон юртимизга садоқатли, азму шижоати билан халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида, хизмат бурчини адо этишда мардларча ҳалок бўлган фидойи ходимларимизнинг нурли ва сўнмас хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирамиз.

Қадрли юртимиз ҳимоячилари!

Мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, замонавий қурол ва техникалар билан таъминланган миллий армиямиз вужудга келди. Аниқроқ қилиб айтганда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил ўз натижасини бериб, Қуролли кучларимиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур. Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз жасорати, уларнинг “Билаги зўр – бирни енгар, онги ва юраги зўр эса – мингни” деган доно ўгитлари бизга айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатни уқтиради.

Жорий “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да ҳам қасамёдига ҳамиша содиқ, эл-юрт ҳимояси йўлида метин қалқон бўлаётган мард ва жасур ўғлонларимиз буюк бобокалонларимиз Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркардаларнинг муносиб ворислари қаторида жанговар тайёргарлигини, билим ва малакаси, дунёқарашини юксалтириш, уларнинг касбий ва маданий қизиқишларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Шу билан бирга ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, миллий ўзлигимиз, эзгу қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Таъкидлаш керак, Қуролли Кучларимизнинг муҳим асоси бўлган ички ишлар органлари тизими ҳам изчил такомиллашмоқда ва соҳа вакилларининг бор салоҳияти ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга қаратилган.

Ҳозирги кунда хизмат қилаётган барча бўғиндаги ходимларимизнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматларини муносиб қадрлаш, уларни нафақат моддий, балки маънавий рағбатлантириш, кундалик ҳаётидаги муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, уларнинг оиласи ва фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тизимдаги таълим муассасаларида ҳам сифатли таълим бериш, уларни келгуси ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётган бундай жадал ўзгаришлар ички ишлар органлари тизимининг янги имиджини яратиш, халқ орасидаги обрў-эътибори, ёшларимиз қалбида Ватан ҳимоячисидек олийжаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини янада кучайтиради.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга, мўътабар тупроғимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш йўлида ўз бурчини муносиб адо этиб келаётган барча жасур ўғлонларимизга, уларнинг ота-оналари ва оила аъзоларига чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Барчангизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, тинчлик ва фаровонлик тилайман. Халқимиз сиз каби ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан фахрланади.

 

Ғайрат ҚОДИРОВ,

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор.

Text to speech