2 Март 2022 йил 1178

Вафо ва садоқат куйчиси

Баҳор фаслининг илк кунида Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллудига 107 йил тўлди. Жойларда сана муносабати билан турли тадбирлар, адабий-бадиий кечалар ўтказилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқувчилари ҳам бу кунни кенг нишонлашди. Хусусан, лицейнинг биринчи босқич ўқувчилари Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида бўлишди. Илм масканида яратилган шароитларни кўздан кечириш асносида ижод мактаби ўқитувчилари томонидан бўлажак шоир ва ёзувчиларнинг эришаётган ютуқлари ҳақида маълумот берилди.

Шу куни лицей ўқувчилари вилоят болалар кутубхонасида “Садоқат ва вафо куйчиларига эҳтиром” мавзусидаги китоблар кўргазмасида ҳам қатнашишди. Тадбирда улар иқтидорли шоира ва ёзувчи, инсон қалб туғёнларининг ўткир билимдони қаламига мансуб турли жанрлардаги асарлар билан танишишди. Шунингдек, вафо ва садоқат тимсоли шоира Зулфия Исроилованинг ҳаёти ва ижодига оид билимларини янада мустаҳкамладилар.

Бундан ташқари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, мунис ва меҳнаткаш, ҳаётнинг ҳар қандай сурон ва тўфонлари қаршисида ўзини йўқотмай, сабр тоқат ва шукроналик билан яшаган вафо ва садоқат тимсоли бўлмиш Зулфияхонимнмнг порлоқ хотирасига ҳурмат изҳор қилинди.

Text to speech