“Ватанпарварлик бурчаги” очилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида “Ватанпарварлик бурчаги” очилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳамда фахрийлар иштирок этдилар.
Мазкур бурчакдан республикамиз Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинган ҳуқуқий норматив ҳужжатлар, давлат мукофоти соҳиблари, Ички ишлар вазирлиги кўкрак нишонлари билан тақдирланганлар, айни вақтда хизмат қилаётган намунали ходимлар, спорт мусобақалари ғолиблари, фахрийлар, II жаҳон ҳамда афғон урушида иштирок этган соҳа вакиллари, шунингдек хизмат давомида ҳалок бўлган ходимлар ҳақида маълумот олиш имкони яратилган.
Бундан ташқари мамлакатимиз раҳбарининг ички ишлар органларига эътибори, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ташкил қилиниши, вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарларига оид фотосуратлар жой олган. Худди шундай, улуғ саркарда Амир Темур, давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ҳақида маълумотлар келтирилган. Бу ерда ходимлар дунё илму фанига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, ўзбек адабиётининг йирик намояндалари ҳамда “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси”га оид билимларини оширишлари мумкин.
Тизимга оид тарихий ҳужжатлар, орден ва медаллар, буюм ва воситалар ҳам эътиборни тортмасдан қолмайди. Ҳар бир маълумотнинг фотосуратларга уйғунликда берилиши материалларнинг қизиқарли бўлишини таъминлаган.
Тадбир якунида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқармада қайтадан ташкил этилаётган музейни ашёлар билан бойитиш ҳамда бир қатор ички ишлар органлари биноларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди.