Вазир ўринбосари Жиззахга ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаев Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида бўлиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қилинган ишлар, ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Дастлаб янгитдан бунёд этилган 102 автоматлаштирилган маълумотлар тизимини кўздан кечирди. 102 рақамига қилинган ҳар қандай қўнғироқ илгаригидек ҳудудий ички ишлар бўлимлари навбатчилик қисмлари томонидан эмас, балки вилоят ички ишлар бошқармасидаги автоматлаштирилган маълумотлар тизими орқали қабул қилиниши билдирилди.
Эътиборлиси, замонавий алоқа ва ахборот қурилмалари ҳар бир мурожаатни рўйхатга олади. Тизим бир вақтда 3000 та қўнғироқни қабул қилиш имконига эга. Мабодо фуқаро қўнғироқ қилганида алоқа воситаси банд бўлса, навбатчилик қисми ходими гўшакни қўйиши билан тизим уни улана олмаган мурожаатчи билан автоматик тарзда боғлайди.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Н. Тураходжаев Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида янгитдан бунёд этилган тезкор маълумотлар бўлими, эксперт криминалистика бўлими, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасидаги шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, Жиззах шаҳридаги IT Park минтақавий филиали билан ҳам танишди.