Вазир ўринбосари Жиззахга ташриф буюрди
Бугун республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев Жиззах вилоятида бўлиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда пробация хизматларининг фаолиятини ўрганди. Вазир ўринбосари дастлаб Пахтакор тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси биносида ходимларнинг иш шароитлари ҳамда фуқароларга хизмат кўрсатиш имкониятлари билан танишди.
Шундан сўнг Зафаробод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штабида Арнасой, Мирзачўл, Пахтакор, Дўстлик ва Зафаробод туманлари ички ишлар бўлимлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масъуллари ҳамда профилактика инспекторлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди. Тадбирда сўз олган республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ички ишлар органлари тизимидаги ўзгаришлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Чунончи, нотиқ “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз хонадон” каби тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, профилактика инспекторларини хизмат уйлари ҳамда имтиёзли кредит асосида автуловлар билан таъминлаш, уларнинг оила аъзоларини ижтиомий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди. Шунингдек, профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда жиноятларни фош этиш борасидаги фаолияти таҳлил этилиб, камчилик ва нуқсонларга йўл қўяётганлар танқид остига олинди.
Тадбирда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, таъмагирлик каби иллатларга йўл қўймаслик юзасидан фикрлар билдирилди. Якунда жиноятчиликни жиловлашда юқори самарадорликка эришаётган 10 дан ошиқ профилактика инспекторлари фахрий ёрлиқ, пул мукофотлари ҳамда совғалар билан рағбатлантирилди.
Шу куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев Жиззах шаҳрида ички ишлар органларининг патруль-пост, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматлари ходимлари, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби ҳамда Миллий гвардиячилар иштирокида ўтказилган кечки йўриқномада сўзга чиқди. Вазир ўринбосари жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги энг муҳим вазифалар юзасидан мулоҳазаларини баён этди. Худди шундай, ҳуқуқ-тартибот идораларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотларга тўхталди.
Йўриқнома давомида ўз хизматларини сидқидилдан ўтаётган ички ишлар органларининг патруль-пост ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ходимлари ҳамда Миллий гвардиячилар Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ҳам совғалари билан тақдирланди. Шундан сўнг йиғилганлар тунги хизматга чиқиб кетишди.