Вазир ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов соҳа фахрийлари билан мулоқот ўтказди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг
ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов соҳа фахрийлари билан мулоқот
ўтказди. Вилоят ички ишлар бошқармасининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар
билан таъминлаш хизмати, ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари
бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳам иштирок этган
йиғилишда вазир ўринбосари мамлакатимизда кексаларга, жумладан, соҳа
фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида сўз юритди.
Чунончи, октябрь ойининг бошида уюштирилган “Кексалар ҳафталиги”
доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда ноябрь - кексалар учун туризм ойида ўтказилажак
тадбирлар тилга олинди. Худди шундай,
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ички ишлар органлари
фахрийлар кенгашларининг фаолияти, хусусан, жорий қилинган илғор тажрибалар
юзасидан фикр алмашилди.
Ўз навбатида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси фахрийлар кенгаши
масъулларининг жорий йилнинг ўтган даврига оид ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг
кексаларнинг талаб, таклифлари эшитилди. Ушбу жараёнда фахрийларни ижтимоий
қўллаб-қувватлаш, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлимида
шифокорлар таркибини кенгайтириш, ажратиладиган дори-дармонлар миқдори ва
санаторийларга йўлланмаларни кўпайтириш каби бир қатор масалалар кўтарилди.
Шунингдек, устоз ва шогирд анъанасини кучайтириш, фахрийларнинг ҳаётий
тажрибаси ва билимларидан ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятида
кенг фойдаланиш, кексалар ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар уюштириш, уларни
қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор
Даврон Назармухамедов бундай мулоқотларни республикамизнинг барча ҳудудларида
ўтказмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.