8 Апрел 2022 йил 525

Вазир ўринбосари аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди

Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, республика олий судлари, Бош прокуратура, Божхона қўмитаси масъулларидан таркиб топган ишчи гуруҳи суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар ўтказмоқда. Иишчи гуруҳ таркибида бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Яҳёжон Абдулҳаков ҳам мурожаатчилар билан мулоқотлар ўтказди.

Оммавий сайёр қабулларнинг дастлабки кунида Ғаллаорол ва Бахмал туманида яшовчи фуқароларнинг арзи ҳоллари тингланди. Ғаллаорол туманининг Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 84- сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлиб ўтган қабуллар давомида суд-ҳуқуқ масалаларидан ташқари ижтимоий-иқтисодий тизимга оид мурожаатлар ҳам эшитилди. Масалаларни жойида ҳал қилиш мақсадида Жиззах вилояти, шунингдек, Ғаллаорол ва Бахмал туманлари ҳокимликлари, бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбар ва масъуллари мазкур тадбирга жалб этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Яҳёжон Абдулҳаковнинг оммавий қабули вояга етганларга шахсни тасдиқловчи ID карталар ва совғалар топшириш билан бошланди. Аҳоли билан мулоқотлар давомида бандликни таъминлаш, ишга тикланиш, фирибгардан кўрилган зарарни ундириш, қонунбузарга нисбатан чора кўриш, оилавий низоларга барҳам бериш каби бир қатор муаммолар кўтарилди.

Ўз ўрнида Ички ишлар вазирининг ўринбосари томонидан тегишли идоралар, хусусан, ички ишлар органларининг бир қатор соҳавий хизматлари масъулларини бириктириш орқали масалаларни ҳал қилиш чоралари белгиланди. Худди шундай, оммавий қабулларда ички ишлар органларининг пробация хизмати назорати остида бўлган шахсларнинг мурожаати асосида суд ўтказилиб, 6 киши шартли равишда озодликка чиқарилди.

Жиззах вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар 3 кун давом этади. Бу даврда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги мурожаатчиларни қамраб олиш режалаштирилган.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech